Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 2,643 кг гашиш деб белгиланган модда олиб қўйилди.
Ҳолатлар бўйича гумонланувчиларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Поп туманидаги «Наманган» ЙПХ постида Фарғона вилояти ДХХ бошқармаси ходимлари ички ишлар ва божхона органлари бошқармалари билан ҳамкорликда «Фарғона — Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt автомашинасини тўхтатди.
Автомашина юкхонасидан 1 кг гашиш аниқланиб, олиб қўйилди. Машинани Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро бошқарган.
Яна бир ҳолат Наманган вилоятининг Чуст туманида аниқланди. Вилоят ДХХ бошқармаси ходимлари ички ишлар ва божхона органлари вакиллари билан ҳамкорликда ВАЗ-2103 автомашинасини тўхтатиб, уни кўздан кечирди.
Автомашина салонидан 995 грамм гашиш аниқланди. Автомашина Янгинаманган туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқарога тегишли бўлган.
Бундан ташқари, холислар иштирокида Наманган шаҳрида 1975 йилда туғилган фуқаронинг уйи кўздан кечирилганда, ертўлада 648 грамм гашиш аниқланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, эркак мазкур гиёҳвандлик воситасини Янгинаманган туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган танишидан 5 минг долларга сотиб олган. Ушбу фуқаро ҳам процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.