Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия судлари 2026 йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг саккиз нафар фуқароси фойдасига иш ҳақи бўйича қарздорлик ва компенсация сифатида жами 1 519 786 рубль ундириш ҳақида қарорлар қабул қилди.
Уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси кўмаклашди.
Ундирилган маблағлар иш ҳақи бўйича қарздорлик, тўловларни кечиктирганлик учун компенсация ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўловларини ўз ичига олади. Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан бузилиши билан боғлиқ саккизта иш бўйича ижобий суд қарорлари қабул қилинган.
Миграция агентлиги хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни меҳнат ҳуқуқлари бузилган ёки иш ҳақи тўланмаган ҳолларда ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирди.
Агентлик билан +998 71 202 33 55 телефон рақами ёки 1282 қисқа рақами орқали боғланиш мумкин. Шунингдек, мурожаатлар Telegram'даги @huquqiyyordamuzbot боти орқали ҳам қабул қилинади.
Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонасига эса +7 925 045 47 44 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.