Ўзбекистон

Мирзиёев Анқарада ватандошлар билан учрашди

Мирзиёев Анқарада ватандошлар билан учрашди
Мирзиёев Анқарада ватандошлар билан учрашди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Амалий ташриф билан Анқара шаҳрига келган Президент Шавкат Мирзиёевни Туркиядаги ватандошларимиз самимий кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаёти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиқди.

– Яна бир бор ватандошларимни кўриб турганимдан хурсандман. Қаерда бўлманглар, бир дақиқа ҳам вақтингизни беҳуда ўтказманглар. Доимо илмга, билим олишга, ўрганишга интилинглар. Бу жонажон Ватанимиз, буюк Ўзбекистонимиз келажагига қўшадиган ҳиссангиз бўлади, – деди Президентимиз.

Мулоқотда ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатимизнинг узоқ истиқболи билан боғлиқ экани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари улуғ аждодларимизнинг илмий мероси ва қадриятлари тикланаётганига тўхталиб, ватандошларимиз Янги Ўзбекистон тараққиётига кўмакдош бўлишига ишонч билдирди.

– Мен ватандошларимизни доимо соғиниб, эслаб юраман. Сизларнинг яхши яшашингиз, Ватанга қайтиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўша олишингиз учун Ўзбекистонда барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Илм олиш, билим эгаллаш, уй-жойли бўлиш учун имкониятларни кенгайтиряпмиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев ва ватандошларимизга муваффақиятлар тилади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.