Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов 23 октябрь куни Беларусь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Вадим Синявский билан ишчи учрашув ўтказди.
Учрашувда атом энергетикаси объектлари хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар Беларусь ФВВнинг Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва уларга жавоб қайтариш республика марказида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Беларусь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Азизбек Икрамовнинг сўзларига кўра, делегация Беларусьнинг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибасини ўрганиш учун мамлакатга ташриф буюрган. Ўзбекистон ушбу йўналишни ривожлантиришни режалаштирмоқда ва биринчи реакторларни 2030 йилгача ишга туширишни мўлжаллаган.
Вазир Беларусьнинг атом объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди. Хусусан, мониторинг, хавф ҳақида эрта огоҳлантириш, фавқулодда хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолини ҳимоя қилиш ва эвакуацияни режалаштириш масалаларига эътибор қаратилди. «Бугун ҳамкорликка янги амалий суръат бериш имкониятига эгамиз», — деди у.
Беларусь ФВВ вакиллари бир нечта йўналиш бўйича маърузалар қилди. Улар атом энергетикаси объектларида фуқаро муҳофазасини ташкил этиш, фавқулодда вазиятларга жавоб қайтаришга тайёргарлик, ходимларни ўқитиш ва ёнғин назорати ҳақида маълумот берди.
Алоҳида маъруза Беларусь АЭСининг хавфсиз эксплуатациясини назорат қилиш ҳамда ядровий ва радиациявий хавфсизликни тартибга солиш масалаларига бағишланди.
Икрамов ҳамкорликни бир нечта йўналишда ривожлантиришни таклиф қилди. Улар қаторига қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш, илмий-техник ахборот ва технологиялар алмашинуви киради.
Шунингдек, у ёнғин-техник маҳсулотлар ва қутқарув ускуналарини ишлаб чиқариш ҳамда сертификатлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишни таклиф этди.
Вазир қўшма ўқув машғулотлари ўтказиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, амалий тайёргарликка йўналтирилган кадрлар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.
У идоралар ўртасидаги ҳамкорликнинг асоси сифатида 2008 йилда имзоланган вазирликлараро келишувни қайд этди.
Вадим Синявский Беларусь амалий тажрибаси билан бўлишишга ва ўзбекистонлик қутқарувчиларни тайёрлашни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Беларусь томони уларни ёнғин-қутқарув техникаси, ускуналар ва махсус кийимлар билан таъминлашга ҳам тайёр.
Унинг сўзларига кўра, вазирликлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳамкорлик кадрлар тайёрлаш, илмий фаолият, ёшлар билан ишлаш ва ёнғин-қутқарув спортини ривожлантириш йўналишларини қамраб олади.
Беларусь вазири, шунингдек, икки мамлакат ўртасида Стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисидаги декларация ва 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасини эслатиб ўтди.
Учрашувдан олдин Ўзбекистон делегацияси Фуқаро муҳофазаси университети, «ЗУБР» махсус вазифаларни бажарувчи республика отряди ва ФВВнинг ҳудудий бўлинмаларига ташриф буюрди. Делегация Беларусь АЭСидаги хавфсизлик тизими билан ҳам танишди.
Ташриф дастурининг кейинги босқичида Борисов шаҳридаги «Пожснаб» корхонаси, Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институтининг синов маркази ҳамда Халқаро қутқарувчиларни тайёрлаш марказига бориш режалаштирилган.