Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан жаҳон чемпиони унвони учун ўтказиладиган баҳсда ғалаба қозониш имкониятини 50 фоизга баҳолади. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
Женевадаги БМТ Миллатлар саройида ўтказилган матбуот анжуманида шахматчи 14 партиядан иборат баҳс натижасини олдиндан айтиш қийинлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу вақт давомида турли воқеалар юз бериши мумкин.
Амалдаги жаҳон чемпиони Гукешдан унвонни сақлаб қолиш уни илк бор қўлга киритишдан қийинроқми, деб сўрашди. Ҳиндистонлик шахматчи мусобақага унвонни ҳимоя қилиш учун эмас, балки яна чемпион бўлиш учун келганини айтди.
Гукеш, шунингдек, Синдаровнинг юқори савиядаги ўйини ва барқарор натижаларини эътироф этди. Ҳиндистонлик гроссмейстернинг фикрича, ўзбекистонлик шахматчи ҳозир энг яхши спорт формасида, шу боис бўлажак баҳс жиддий синов бўлади.
Ўз навбатида, Синдаров Гукешнинг 2024 йилдаги чиқишларини «фантастик» деб баҳолади.
Шахмат тожи учун баҳс 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колоньи шаҳрида бошланади. Мусобақа Мартин Бодмер жамғармаси музейида ўтказилади.
Баҳс 14 та классик партиядан иборат бўлади. Охирги партия 11 декабрга белгиланган. Агар ғолиб аниқланмаса, 12 декабрь куни тай-брейк ўйинлари ўтказилади.