Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил 1 декабрдан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аёлларнинг фарзандлари учун она ва бола марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Ушбу чора-тадбирлар Президентнинг 2026 йил 12 ноябрда имзоланган ПҚ-395-сон қарорида назарда тутилган. Ҳужжат маҳкум аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш даражасини кенгайтиришга қаратилган.
Уч ёшгача бўлган болалар учун марказлар 21-сон жазони ижро этиш муассасаси ва 42-сон манзил-колония ҳузурида очилади. 21-сон муассасада марказ амалдаги Болалар уйи негизида ташкил этилади.
Янги марказларда болаларнинг яшаши ва уларга кеча-ю кундуз парвариш кўрсатилиши таъминланади. Шунингдек, уларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланиши учун зарур шароитлар яратилади.
Болалар озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминланади. Улар учун ўз вақтида тиббий кўриклар ва эмлаш тадбирлари ташкил этилади.
Қарор жазо ўтаётган аёлларнинг фарзандларига мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутади. Ҳужжат қоидалари болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини муҳофаза қилишга қаратилган.