Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Demokrat.uz сайти раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаров автосалон вакилларидан 50 минг доллар талаб қилиш билан боғлиқ иш бўйича 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди Меҳмоновни товламачилик, фирибгарлик ҳамда ўқотар қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласида айбдор деб топди. Суд унинг ҳаракатларини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165, 168 ва 248-моддалари билан квалификация қилди.
Ғоипназаров эса Жиноят кодексининг 165-моддасида назарда тутилган товламачилик жиноятини содир этганликда айбдор деб топилди.
Меҳмоновга 10 йил 3 ой, Ғоипназаровга эса 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳар икки маҳкум жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.
Бундан ташқари, суд Меҳмоновдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Нашрда келтирилган маълумотларга кўра, иш фигурантлари февраль ойида ижтимоий тармоқларда автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеони жойлаштирганидан кейин қўлга олинган. Айтилишича, улар видеороликни ўчириб ташлаш эвазига 50 минг доллар талаб қилган.