Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят делегацияси Италияга амалга оширган ишчи ташрифи доирасида BF Group агросаноат гуруҳи таркибига кирувчи Bonifiche Ferraresi компанияси фаолияти билан танишди.
Компания дастлаб Феррара ҳудудидаги ботқоқликларни қуритиш ва ерларни қишлоқ хўжалигида фойдаланишга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Вақт ўтиши билан у замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи йирик агросаноат гуруҳининг бир қисмига айланган.
Музокаралар давомида Наманган вилояти ва Bonifiche Ferraresi вакиллари ҳудудда замонавий агросаноат мажмуаларини ташкил этиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Муҳокама қилинган йўналишлар қаторида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, юқори ҳосилдор уруғчиликни ривожлантириш, аниқ деҳқончилик технологияларини жорий этиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш масалалари ўрин олди.
Учрашув Наманган вилояти аграр секторини ривожлантиришда Италия тажрибаси ва технологияларини жалб этиш истиқболларига бағишланди.