7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда судлар валюта жарималарини 50 фоизга камайтириши мумкин

Ўзбекистонда судлар валюта жарималарини 50 фоизга камайтириши мумкин
Ўзбекистонда судлар валюта жарималарини 50 фоизга камайтириши мумкин / Фото: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ташқи савдо операциялари бўйича активларни қайтаришда қоидабузарликларга йўл қўйганлик учун белгиланган жарималар миқдорини енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда судлар томонидан 50 фоизга камайтириш имконини берувчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Тузатишлар «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 11¹-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Ушбу ўзгартишлар тадбиркорлар ташқи савдо мажбуриятларини бажариш учун ўзларига боғлиқ барча чораларни кўрган, бироқ хорижий ҳамкорларнинг хатти-ҳаракатлари, тўлов тизимларидаги чекловлар ёки бошқа объектив сабаблар туфайли активларни ўз вақтида қайтара олмаган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасига илова қилинган материалларда таъкидланишича, амалдаги тартиб судларга бундай ҳолатларни тўлиқ ҳисобга олиш ва молиявий санкциялар миқдорини мутаносиб равишда камайтириш имконини бермайди.

Мавжуд маълумотларга кўра, 2024 йилда иқтисодий судлар қарийб 3,5 минг нафар тадбиркорга нисбатан жами 752 миллиард сўмлик молиявий жарималар қўллаган. 2025 йилда эса санкциялар 9,1 минг нафардан ортиқ тадбиркорга нисбатан қўлланилган, жарималарнинг умумий миқдори 3,3 триллион сўмни ташкил этган.

Ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида имтиёзни активларнинг айнан ярмини қайтарган тадбиркорларга ҳам татбиқ этиш назарда тутилди. Шу тариқа, жавобгарликни енгиллаштирувчи камида битта ҳолат мавжуд бўлса, суд жарима миқдорини 50 фоизга камайтириши мумкин бўлади.

Кутилишича, ўзгартишлар ташқи савдо фаолиятининг виждонли иштирокчиларига тушадиган молиявий юкни камайтириш, уларнинг айланма маблағларини сақлаб қолиш ва фаолиятини давом эттириши учун қўшимча шароит яратиш имконини беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.