Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тожикистон ва Ўзбекистон саноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, қўшма корхоналар ташкил этиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги хабар берди.
2026 йил 12 ноябрь куни Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири ўринбосари Азиз Назар Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Фируза Рустамовна Ҳамидова билан учрашди.
Музокаралар давомида томонлар саноат соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди. Шунингдек, икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва ресурс имкониятларини ҳисобга олган ҳолда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти мавжудлигини таъкидлади.
Асосий мавзулардан бири Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги Саноат кооперацияси дастурини амалга ошириш бўлди. Учрашув иштирокчилари дастурда назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида бажариш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат вакиллари саноатни ривожлантириш соҳасидаги тажрибалари билан ҳам ўртоқлашди.
Кейинги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишда улар Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ресурс ҳамда саноат салоҳиятини, шунингдек, ишлаб чиқариш имкониятларининг бир-бирини тўлдиришини инобатга олди.