Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш учун Йўқотишлар ва зарарларга жавоб қайтариш жамғармасидан (FRLD) 20 млн доллар ажратишни сўради.
Маблағларнинг қарийб 75 фоизини маҳаллий ҳамжамиятларни бевосита қўллаб-қувватлашга йўналтириш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Молиялаштириш масаласи Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг FRLD ижрочи директори Ибрахима Шейх Дионг билан учрашувида муҳокама қилинди.
Музокаралар COP31 конференцияси доирасида бўлиб ўтди.
«Марказий Осиёда иқлим билан боғлиқ йўқотишлар ва зарарларга комплекс жавоб қайтариш» (BIM-FR-34) номли минтақавий ариза уч давлат томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) кўмагида тайёрланган.
Лойиҳанинг Ўзбекистонга тегишли қисми 5,1 млн долларга баҳоланмоқда. У Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги иқлим ўзгариши таъсирига заиф 40 та маҳаллий ҳамжамиятни қамраб олади.
Лойиҳа доирасида чанг-қум бўронларини мониторинг қилиш учун камида олтита станция ташкил этиш ва миллий эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, узунлиги камида 60 километр бўлган ҳимоя ўрмон полосаларини барпо этиш, деградацияга учраган ерлар ва яйловларни тиклаш режалаштирилган.
Яна бир йўналиш маҳаллий аҳоли учун муқобил даромад манбаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ўзбекистон томони жамғарма котибиятининг BIM-FR-34 аризаси бўйича билдирган таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олганини ҳамда такомиллаштирилган ҳужжатни қайта юборганини маълум қилди. Ҳукумат техник баҳолаш жараёни якунланиши ва ариза 2026 йил декабрь ойида Жамғарма кенгаши томонидан кўриб чиқилишини кутмоқда.
Учрашувда Марказий Осиё учун иқлим билан боғлиқ таҳдидлар ҳам муҳокама қилинди. Улар қаторида Орол денгизининг қуриши, ерларнинг деградацияси, чўлланиш, чанг-туз бўронлари ва музликлар майдонининг қисқариши қайд этилди.
Музокараларда келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги 50 йилда Марказий Осиё музликлари ҳажми 30 фоизга қисқарган. Бу эса минтақа сув хавфсизлиги учун қўшимча хатарларни юзага келтирмоқда.
Алоҳида масала сифатида Ўзбекистон секин кечадиган иқлим жараёнлари билан боғлиқ йўқотишлар ва зарарлар бўйича минтақавий марказ ташкил этишни таклиф қилди. Уни 15 та лабораторияга эга Green University қошидаги Минтақавий марказ негизида жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Марказ иқлим зарарини баҳолаш методикаларини ишлаб чиқиши, минтақавий маълумотлар алмашинувини таъминлаши ва мутахассислар тайёрлаши мумкин. Шунингдек, у Марказий Осиё мамлакатларига халқаро молиялаштиришни жалб қилиш учун лойиҳалар тайёрлашда кўмаклашиши керак.
Томонлар FRLD кўмак механизмларидан, жумладан, Country Support System тизимидан фойдаланиб, йўқотишлар ва зарарларни кузатиб боришнинг миллий тизимини яратиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Учрашув якунида Ибрахима Шейх Дионгга 2027 йилда Марказий Осиё ва Оролбўйига ташриф буюриш таклиф этилди. Ташрифдан мақсад уни Орол денгизи экологик ҳалокатининг оқибатлари билан таништиришдан иборат.
Шунингдек, у 15–17 июнь кунлари Тошкентда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказиладиган Eco Expo Central Asia 2027 кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилинди.
Томонлар иқлим хатарларига қарши курашиш ва минтақанинг энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун молиялаштиришни жалб этиш борасида ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.