Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Польша Президенти маслаҳатчиси Радослав Грук билан учрашув ўтказди. Томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги муносабатлар сиёсий ва иқтисодий йўналишларда фаоллашгани таъкидланди. Томонлар турли даражалардаги алоқаларни ҳам ривожлантирмоқда.
Нуриддин Исмоилов Польша вакилига Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. У иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ўзгаришлар, эришилган натижалар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Радослав Грук Ўзбекистонда сўнгги ўн йил давомида амалга оширилган ўзгаришларга ижобий баҳо берди. Шунингдек, мамлакатнинг очиқ ташқи сиёсати унинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, сиёсий ва дипломатик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилаётганини қайд этди.
Учрашув иштирокчилари асосий эътиборни парламентлараро ҳамкорлик истиқболларига қаратди. Хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолиятини жадаллаштириш, депутатлар ўртасида мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, соҳавий қўмита ва комиссиялар ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар 2026 йилда амалга оширилган ўзаро ташрифларнинг аҳамиятини ҳам таъкидлади. Жумладан, январь ойида Польша Сейми делегацияси Ўзбекистонда бўлган, 16–18 сентябрь кунлари эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси делегацияси Польшага ташриф буюрган.
Учрашув иштирокчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришда парламентлар ролини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.