Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеясининг 61-ялпи мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш иштирокчилари парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчиликни уйғунлаштириш, шунингдек, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Танзила Нарбаева ўз нутқида Ўзбекистоннинг Парламентлараро ассамблея доирасида қабул қилинадиган модель қонунлар ва тавсияларни миллий қонунчиликка жорий этиш борасидаги ишлари ҳақида маълумот берди.
У хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, тиббий ҳужжатларни ўзаро тан олиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалаларида ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Сенат раиси 2027 йилда Ўзбекистон МДҲга раислик қилиши муносабати билан парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ҳам тақдим этди.
Таклиф этилган йўналишлар қаторига қўшма инвестициявий ва технологик лойиҳалар учун ҳуқуқий шарт-шароитларни такомиллаштириш, ўзаро савдодаги тўсиқларни қисқартириш, шунингдек, терроризм, экстремизм ва кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш киритилди.
Ўзбекистон таълим ва илм-фан соҳаларида ҳам парламентлараро алоқаларни кенгайтиришни таклиф қилди.
Бундан ташқари, 2027 йил МДҲда Ҳуқуқий маърифат йили деб эълон қилингани муносабати билан Танзила Нарбаева Ассамблея ҳомийлигида парламент аъзолари, ҳуқуқшунослар, педагоглар ва ёшлар иштирокида бир қатор учрашувлар ўтказиш ташаббусини илгари сурди.