Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Россия Федерацияси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув 2026 йил 20 ноябрь куни МДҲ Парламентлараро ассамблеяси тадбирлари доирасида бўлиб ўтди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссия фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар комиссиянинг 2027 йилга мўлжалланган фаолият режасини тайёрлаш ҳамда парламентлар томонидан ҳудудлардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини кўриб чиқди.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди Россия Федерациясининг 50 дан ортиқ субъекти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ҳозирда саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
Учрашув иштирокчилари таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳам фикр алмашди.