Шошилинч
Ўзбекистон

Ўзбекистон COP31 конференциясида метан чиқиндиларини қисқартириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон COP31 конференциясида метан чиқиндиларини қисқартириш масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон COP31 конференциясида метан чиқиндиларини қисқартириш масаласини муҳокама қилди / Фото: Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Туркиянинг Анталья шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31 конференциясида чиқиндиларни бошқариш соҳасида метан чиқиндиларини қисқартириш чора-тадбирлари муҳокамасида иштирок этди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Агентлик директори Шарифбек Хасанов циркуляр иқтисодиёт тамойиллари асосида чиқиндиларни бошқариш инфратузилмасида метан чиқиндиларини камайтиришга бағишланган юқори даражадаги давра суҳбатида иштирок этди.

Тадбир COP31 раислигининг иқлим ўзгаришига чидамли шаҳарларни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар дастури доирасида ўтказилди. Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, экологик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар ҳамда экспертлар қатнашди.

Иштирокчилар чиқинди полигонларидан атмосферага чиқариладиган метан миқдорини камайтириш усулларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, органик чиқиндилардан биогаз ишлаб чиқариш ва чиқиндилардан энергия олиш технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Самарали технологик ечимлар, халқаро тажриба алмашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини камайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Агентликда таъкидланишича, мазкур муҳокамада иштирок этиш Ўзбекистонда чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш бўйича 11 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ. Шунингдек, идора чиқинди полигонларидан метан чиқиндиларини камайтириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Агентлик маълумотларига кўра, муҳокамалар замонавий технологияларни жалб қилиш, экологик барқарор инфратузилмани ривожлантириш ва циркуляр иқтисодиётга ўтиш учун янги имкониятлар яратади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.