Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Германия Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Германия Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Германия Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев 19 ноябрь куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги Осиё ва Тинч океани минтақаси департаменти бош директори Франк Ҳартманн билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар Афғонистондаги жорий вазият юзасидан фикр алмашиб, Афғонистон йўналишидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув иштирокчилари халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Германия вакили Ўзбекистоннинг Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилма жараёнларига жалб этишга қаратилган ташаббусларини юқори баҳолади.

Учрашув якунида томонлар Афғонистон муаммосини ҳал этиш масалалари бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Шунингдек, мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.