Ўзбекистон

Самарқандда ШҲТнинг хавфсизлик масалалари бўйича эксперт мулоқоти якунланди

Самарқандда ШҲТнинг хавфсизлик масалалари бўйича эксперт мулоқоти якунланди
Самарқандда ШҲТнинг хавфсизлик масалалари бўйича эксперт мулоқоти якунланди / Фото: Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 ноябрь куни Самарқандда 24 та давлатдан махсус хизматлар ва халқаро ташкилотларнинг 180 нафардан ортиқ вакили иштирок этган «Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс» биринчи эксперт мулоқоти якунланди.

Иштирокчилар рақамли трансформация ва янги технологияларнинг тарқалиши шароитида терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар, шунингдек, бешта халқаро ташкилот вакилларидан иборат 33 та делегация иштирок этди.

Учрашув «Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш» мавзусига бағишланди. Мулоқот ялпи мажлис шаклида ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокчиларга йўллаган мурожаатида ахборот хавфсизлиги, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ва давлатларнинг бузғунчи таъсирнинг янги шаклларига нисбатан барқарорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Унинг баҳолашича, рақамли технологиялар тараққиёт учун қўшимча имкониятлар яратмоқда, айни пайтда эса биргаликда чора кўришни талаб этадиган янги заиф нуқталарни ҳам юзага келтирмоқда.

Мажлис давомида делегациялар вакиллари террорчилик фаолиятига қарши курашиш бўйича миллий тажрибаларни кўриб чиқди, халқаро ҳамкорлик механизмлари ҳамда рақамли маконда экстремизм ва радикализм тарқалишининг олдини олиш воситаларини муҳокама қилди.

Иштирокчилар сунъий интеллект, рақамли платформалар ва бошқа технологик воситалардан террорчилик тарғиботини тарқатиш, тарафдорларни ёллаш ҳамда қонунга хилоф фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида эҳтимолий фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Иштирокчилар «ШҲТ плюс» формати эксперт ёндашувларини яқинлаштириш, амалий тажриба алмашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш учун имконият яратишини таъкидлади.

Учрашув якунида делегациялар раҳбарлари Қўшма коммюнике қабул қилди.

Ҳужжатда янги технологияларнинг террорчилик таҳдидлари хусусиятига таъсирини ўрганиш, самарали профилактика амалиётлари бўйича шарҳлар тайёрлаш, шунингдек, мавзули семинарлар ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш таклиф қилинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.