Ўзбекистон

Ўзбекистонда «бокиралик капсулалари»ни тақиқлаш ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ўзбекистонда «бокиралик капсулалари»ни тақиқлаш ҳақидаги хабарлар рад этилди
Ўзбекистонда «бокиралик капсулалари»ни тақиқлаш ҳақидаги хабарлар рад этилди / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «бокиралик капсулалари» деб аталувчи воситаларни сотиш, етказиб бериш ва буюртма қилиш, шунингдек, жарроҳлик йўли билан бокираликни тиклаш учун жиноий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Тарқатилган хабарларда бундай ҳолатлар билан боғлиқ ажримлар кузатилаётгани фонида тегишли ташаббус парламентда муҳокама қилинаётгани таъкидланган.

Хабар муаллифлари сўнгги беш йил давомида гўёки 187 мингдан ортиқ бокира бўлмаган қиз аниқлангани ҳақидаги статистик маълумотларни ҳам келтирган.

Бундан ташқари, бундай ҳолатлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган фуқароларга давлат томонидан пул мукофотлари берилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам тарқатилган.

Қонунчилик палатасида ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум қилинди.

Парламент қуйи палатаси маълумотларига кўра, бундай қоидаларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси мавжуд эмас. У парламент муҳокамасига киритилмаган ва кўриб чиқилмаяпти.

Фуқароларга тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик ва хабарларни расмий манбалар орқали текшириш тавсия этилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.