Ўзбекистон

Тошкентда нарколабораториядан 3,5 кг гашиш мойи мусодара қилинди

Тошкентда нарколабораториядан 3,5 кг гашиш мойи мусодара қилинди
Тошкентда нарколабораториядан 3,5 кг гашиш мойи мусодара қилинди / Фото: ДХХ видеосидан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари пойтахтнинг Чилонзор туманида нарколаборатория фаолиятига чек қўйди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, ушбу лабораторияда гиёҳвандлик воситалари тайёрланган ва уларни тарқатишга ҳозирлик кўрилган.

Гумонланувчи 2002 йилда туғилган фуқаро бўлиб, у тумандаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонни ижарага олган ва ундан ноқонуний фаолият учун фойдаланган.

Хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари яширин жойларга қўйиладиган махсус беркитмалар орқали тарқатиш учун зип-пакетларга қадоқланган гиёҳвандлик воситаларини аниқлади. Шунингдек, электрон тарозилар, миксер, фен, шприцлар, 1 000 та бўш шаффоф пакет, 1 000 та бўш флакон ва бошқа буюмлар топилди.

Жами хонадондан 3,5 килограмм гашиш мойи, 600 грамм гашиш, 200 грамм марихуана ва таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган саккиз дона печенье мусодара қилинди.

Қўлга олинган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.