Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида қарорлар қабул қилиш ёндашувларини такомиллаштириш ва мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш имконини берадиган тиббий технологияларни баҳолаш тизимини (HTA) жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бу масалалар Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда HTA тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича мутахассис Гэвин Сёржи ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашув давомида томонлар келажакдаги тизимнинг ташкилий асослари, уни босқичма-босқич жорий этиш вариантлари ҳамда ушбу соҳадаги халқаро тажрибани кўриб чиқди.
Дори воситаларини қўллашнинг клиник самарадорлиги ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш ресурсларини оқилона тақсимлаш, дори-дармон харажатларини қоплаш бўйича қарорлар қабул қилишда шаффоф ва илмий асосланган мезонлардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари малакали мутахассисларни тайёрлаш, тегишли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро амалиёт ва Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тиббий технологияларни баҳолашнинг самарали механизмларини шакллантириш юзасидан фикр алмашди.