Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасалари хусусий сектордан хизматлар харид қилиш кўламини кенгайтиради. Хусусан, гемодиализ, лаборатория текширувлари, тиббий ускуналарни стерилизация қилиш, тиббий реабилитация ва физиотерапия хизматларини кўрсатишга хусусий компанияларни жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда хусусий клиникалар сони 2017 йилдаги 3,5 мингтадан 9 мингтадан зиёдга етган. Бироқ хусусий тиббиётнинг ривожланиши ҳудудлар ва тиббиётнинг айрим йўналишлари бўйича бир хил эмас.
Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида хусусий клиникаларнинг 35–40 фоизи стационар ўринларга эга. Қорақалпоғистон, Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида эса бу кўрсаткич 15 фоизга ҳам етмайди.
Айни вақтда стоматологияда хусусий сектор улуши 90 фоизни, диагностикада 70 фоизни, оториноларингология, урология ва офтальмологияда эса 60 фоизни ташкил этади. Тадбиркорларнинг тиббий реабилитация, нефрология, онкология, нейрохирургия, психиатрия, наркология ва туғруққа ёрдам кўрсатиш соҳаларидаги иштироки ҳозирча етарли эмас.
Давлат шифохоналари хусусий компанияларни жалб қилади
Тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш учун аутсорсингнинг янги механизмларини жорий этиш ва тиббий хизматларни хусусий етказиб берувчилардан босқичма-босқич харид қилишга ўтиш таклиф этилмоқда.
Тадбиркорларга замонавий ускуналарни жойлаштириш учун давлат шифохоналаридаги хоналарни тақдим этиш режалаштирилган. Хусусий компаниялар давлат тиббиёт муассасаларининг ўзида хизмат кўрсатиши мумкин бўлади, улар учун ҳисоб-китоблар эса тиббий суғурта тизими орқали амалга оширилади.
Ҳар бир ҳудудда тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж ва молиялаштириш шартлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш кўзда тутилган. Бу салоҳиятли инвесторларга талабни баҳолаш ва сармоя киритишни режалаштириш имконини беради.
26 октябрь куни президентга соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ҳам тақдим этилган эди. Ҳужжатда тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича шартномаларни амалдаги бир йиллик муддат ўрнига беш йилгача тузиш имконияти назарда тутилган.
Узоқроқ муддатли шартномалар компанияларга ускуналар ва инфратузилмага сармоя киритишни уларнинг ўзини қоплаш муддатларини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш имконини бериши кутилмоқда. Таклиф этилаётган моделга кўра, давлат тиббиёт муассасаси хизматни харид қилади, хусусий ҳамкор эса ускуналарни ўз маблағи ҳисобидан сотиб олади, уларнинг ишлашини таъминлайди ва янгилаб боради.
Шунингдек, ягона тендер ҳужжатларини жорий этиш, электрон харидлар тизимини яратиш ва айрим тиббиёт муассасаларини профессионал компаниялар бошқарувига бериш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Мирзиёев таклифларни такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич жорий этишни таъминлаш бўйича топшириқ берди.
Клиникалар қуриш учун ер участкалари ажратилади
Хусусий тиббиётга инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида ҳокимларга ҳар йили хусусий клиникалар қуриш учун мўлжалланган ер участкалари рўйхатини аниқлаш ва эълон қилиш топширилди. Участкалар фақат тиббиёт муассасаларини ташкил этиш мақсадида аукционга чиқарилади ва имтиёзли шартларда таклиф этилади. Имтиёзларнинг аниқ параметрлари ва ер ажратиш тартиби ҳозирча белгиланмаган.
Тиббий инфратузилма бош режалар асосида режалаштирилади
Президент янги тиббиёт муассасаларини қуришда аҳоли сони ва ҳудудий жойлашувни ҳисобга олиш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, аҳоли сонининг ўсиши, янги шаҳарлар ва турар жой массивларининг пайдо бўлиши узоқ муддатли режалаштиришни талаб этади. Акс ҳолда, айрим ҳудудларда шифохоналар етишмаслиги юзага келса, бошқа жойларда мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланилмайди.
«Шунинг учун бундан буён янги тиббиёт муассасалари аҳоли сони ва ҳудудий жойлашувни ҳисобга олган ҳолда бош режалар асосида ташкил этилади», — деди давлат раҳбари.
Бир кун олдин президентга ўнта вилоятда тиббий инфратузилвани хатловдан ўтказиш натижалари тўғрисида ахборот берилган эди. Текширув давомида 3 499 та соғлиқни сақлаш объекти аниқланган. Бу Кадастр агентлиги маълумотларида қайд этилганидан 494 тага кўп.
Барча ҳудудларда хатловни якунлаш, объектларнинг электрон паспортларини шакллантириш ва тиббиёт соҳаси кўчмас мулкининг ягона рақамли реестрини яратиш таклиф этилди. Бош режалар тиббиёт муассасаларини оқилона жойлаштириш ва аҳоли учун хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширишни назарда тутиши керак.
Аввалроқ Мирзиёев давлат тиббиёт муассасалари хизматлари нархларининг асосланганлигини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эди. Агар хусусий клиникалар худди шундай хизматларни арзонроқ ва сифатлироқ кўрсатса, тиббий суғурта маблағларини улар фойдасига йўналтириш таклиф этилмоқда.
Давлат бюджети ҳисобидан давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари режали стационар даволаниш учун QR-кодли электрон йўлланмадан фойдаланишни назарда тутади. Бу механизм беморга давлат ёки хусусий тиббиёт муассасасини танлаш имконини беради.