Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Грузиянинг Georgia Healthcare Group (GHG) компанияси соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Музокараларда шифохоналарни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларини бошқаришни такомиллаштириш ва профессионал тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди.
Онлайн учрашув Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда GHG вакиллари ўртасида бўлиб ўтди.
Музокараларда компания бош директори Ираклий Гогия, GHG вакили Тимоти Элсигуд ҳамда шифохоналарни ривожлантириш ва лойиҳаларни бошқариш департаменти директори Нино Сагареишвили иштирок этди.
Грузия ташкилоти вакиллари мамлакатдаги тиббиёт муассасалари тармоғини ривожлантириш ва бошқариш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди. Томонлар, шунингдек, шифохоналар инфратузилмасини ривожлантириш ва тиббиёт ташкилотларини бошқариш самарадорлигини ошириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида иштирокчилар мулоқотни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилашга келишиб олди.