Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб шифокорлар ва ҳамшираларнинг иш ҳақини самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда беморлар баҳоси билан боғлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2027 йил 1 июлдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш бошланади. 2030 йилдан эса бу жараён мажбурий бўлади. Рўйхатдан ўтган мутахассисларга қўшимча тўловлар берилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
«Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ соҳада аниқ тартиб ва қатъий назорат бўлиши, бу фаолият билан эса фақат профессионаллар шуғулланиши керак», — деди давлат раҳбари.
Тиббиёт ходимларини рўйхатдан ўтказиш ва устамалар
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби 2026 йил 19 октябрдаги 577-сон ҳукумат қарори билан тасдиқланган.
2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача рўйхатдан ўтиш ихтиёрий бўлади. Бу жараёндан махсус имтиҳон натижалари асосида ёки малака тоифаси берилганда автоматик тарзда ўтиш мумкин.
2030 йилдан бошлаб тегишли мутахассислик бўйича тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан фақат рўйхатдан ўтган мутахассислар шуғулланиши мумкин бўлади. Рўйхатдан ўтказиш беш йил давомида амал қилади, шундан сўнг уни янгилаш талаб этилади.
Ваколатли орган этиб Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини баҳолаш маркази белгиланган. Илмий даражага эга ва мутахассислиги бўйича камида 20 йил иш стажига эга ходимлар белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда махсус имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
Аризаларни давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки ихтисослаштирилган тиббиёт платформаси орқали топшириш мумкин бўлади.
Рўйхатдан ўтган ходимларга иш ҳақига қўшимча устамалар берилиши белгиланган. Шифокорлар ва фармацевтларга 7 миллион сўмдан, ҳамширалар ва ҳамшира-эркакларга эса 3,5 миллион сўмдан тўланади.
Маошлар беморлар баҳосига боғланади
2027 йилдан бошлаб шифохона ва поликлиникалар фаолиятини беморларнинг ўзлари баҳолаши механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Баҳолаш республика, вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасаларини қамраб олади.
Ҳар бир шифокор ва ҳамширанинг иш ҳақини асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) билан боғлаш таклиф этилмоқда. Бунда аҳолининг тиббий хизматлар сифатидан қониқиш даражаси асосий мезон бўлади.
Шу билан бирга, баҳоларни йиғиш, кўрсаткичларни ҳисоблаш ва иш ҳақининг қайси қисми баҳолаш натижаларига боғлиқ бўлишини белгилаш тартиби ҳозирча очиқланмаган.
Ўзгаришлар ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини бошқариш тизимига ҳам тааллуқли бўлади. 2027 йилдан 26 та ихтисослаштирилган марказ директорларини бир йиллик шартнома асосида ишга ўтказиш режалаштирилмоқда. Раҳбарлар зиммасига даволашнинг янги усулларини жорий этиш, бирламчи тиббий ёрдам бўғини ходимлари малакасини ошириш ва илмий ишланмаларни амалиётда қўллаш бўйича аниқ мажбуриятлар юкланади.
Марказлар фаолиятини баҳолашга хорижий университет клиникалари мутахассислари жалб этилади. Йил якунида директорлар жамоатчилик олдида ҳисобот беради, улар билан тузилган шартномаларни узайтириш эса иш натижаларига боғлиқ бўлади.
130 минг тиббиёт ходимининг малака ошириш харажатларини давлат қоплайди
Ислоҳотнинг яна бир йўналиши тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш тизимини ўзгартиришдан иборат. Хусусий ташкилотларнинг бу жараёндаги иштирокини кенгайтириш ва мутахассисларга таълим муассасасини мустақил танлаш имкониятини бериш режалаштирилмоқда.
Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини ва туман тиббиёт муассасалари ходимларининг малакасини ошириш харажатларини давлат ўз зиммасига олади.
Учрашувда тақдим этилган ҳисоб-китобларга кўра, бу чора туманлардаги 130 минг тиббиёт ходимига ҳар йили жами 100 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради.
«Тиббиёт ходимлари доимо ўз устида ишлаши ва янгиликлардан ортда қолмаслиги керак!» — деди Шавкат Мирзиёев.
Соғлиқни сақлаш соҳасида сунъий интеллектнинг 10 та тизими жорий этилади
2027 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимида сунъий интеллектга асосланган 10 та тизимни ишга тушириш режалаштирилмоқда. Улар қаторига кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология соҳаларидаги ечимлар ҳам киради.
Президентнинг таъкидлашича, янги ечимлар беморларни масофадан кузатиш, нутқ орқали касалликларни аниқлаш ва дори воситаларининг хавфсизлигини назорат қилиш учун қўлланилади.
Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда «Энг яхши IT-оператор» ва «Рақамли тиббиётнинг энг яхши шифокори» танловларини ўтказиш режалаштирилган. Ғолибларга 100 миллион сўмдан пул мукофоти берилади.