Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Озарбайжон Германия, Швеция ва Финляндияда икки мамлакатнинг туристик салоҳиятига бағишланган қўшма тақдимотлар ўтказди. Роуд-шоу тадбирлари 2026 йил 19–22 октябрь кунлари Берлин, Мюнхен, Стокгольм ва Хельсинки шаҳарларида бўлиб ўтди. Уларнинг асосий мақсади икки мамлакатни Европа туристик бозорида тарғиб қилишдан иборат бўлди.
Тадбирларда 80 дан ортиқ ташкилот вакиллари иштирок этди, қатнашчиларнинг умумий сони эса 140 нафардан ошди. Улар орасида Германия, Швеция ва Финляндиянинг туристик бизнес вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари бор эди.
Иштирокчиларга икки мамлакатнинг тарихий-маданий мероси, туристик имкониятлари ва сайёҳлар учун таклифлари тақдим этилди. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларини Озарбайжоннинг Боку, Шамахи ва Шеки шаҳарлари билан бирлаштирувчи қўшма туристик йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай саёҳатлар сайёҳларга бир сафар давомида ҳар икки мамлакатнинг меъморчилиги, тарихи, миллий анъаналари ва гастрономияси билан танишиш имконини беради.
Роуд-шоу доирасида B2B форматида бизнес учрашувлар ҳам ташкил этилди. Туристик компаниялар ва туроператорлар ҳамкорлик истиқболлари, қўшма туристик пакетларни ишлаб чиқиш ҳамда таклифларни Европа бозори талабларига мослаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Ташаббус халқаро ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, икки мамлакатнинг туристик ресурсларидан янада самарали фойдаланиш ва хорижий сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган. Ўзбекистон ва Озарбайжон нафақат алоҳида туристик йўналишларни, балки ҳар икки мамлакат имкониятларини бирлаштирувчи ягона саёҳат маршрутини ҳам тарғиб қилишни режалаштирмоқда.