Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ва Эрон ишбилармон доиралари вакиллари ипакчилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Учрашувда уюшма раиси Рашид Абдуллаев, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Миряшин Сагатов ва уюшма раисининг ўринбосари Ҳакимжон Отахонов иштирок этди. Эрон делегацияси таркибидан Қум шаҳри Савдо-саноат палатаси биринчи вице-президенти ва Қум қўлда тўқилган гиламлар экспортчилари уюшмаси бошқаруви аъзоси Абольфазл Ражабиан, ушбу уюшма президенти Жавад Каземи, шунингдек, Ваҳид Кераматиан ва Али Ашари Фард ўрин олди.
Музокараларнинг асосий мавзулари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ипак маҳсулотларини Эронга экспорт қилиш, хомашё етказиб бериш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Эронлик ишбилармонлар маҳаллий ипакчилик салоҳияти билан танишиш, маҳсулотлар сифатини баҳолаш ва уларни импорт қилиш имкониятларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Хусусан, томонлар Қум шаҳрида қўлда гилам тўқишда Ўзбекистон ипак хомашёсидан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилди.
Ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли етказиб беришни ташкил этиш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши учрашувнинг асосий натижаси бўлиб, томонларнинг ипакчилик соҳасидаги шерикликни ривожлантириш ниятини тасдиқлади.