Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 27–28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Марказий банки, Малайзиянинг INCEIF университети ва Al Muamalat Consulting LLC компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган SIFF 2026 ислом молияси форуми бўлиб ўтади.
Форум халқаро молия ташкилотлари, марказий банклар, тартибга солувчи органлар, ислом молияси институтлари, илмий ҳамжамият ва хусусий сектор вакилларини бирлаштиради.
Тадбирда Ислом тараққиёт банки (IsDB), Осиё тараққиёт банки (ADB), Халқаро молия корпорацияси (IFC), Ислом молиявий хизматлар кенгаши (IFSB), Ислом молия институтлари бухгалтерия ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI) ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, форумда Малайзия, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон марказий банклари вакиллари ҳам қатнашиши режалаштирилган.
SIFF 2026 доирасида Марказий Осиёда ислом молиясини ривожлантириш, халқаро тажриба алмашиш ва ушбу соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий ечимларни излашга асосий эътибор қаратилади.
Иштирокчилар минтақада ислом молиясининг жорий ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, унинг ривожланишини жадаллаштириш чораларини муҳокама қилади.
Форум дастурига ислом молияси стандартларига мувофиқ корпоратив бошқарув, рискларни бошқариш ва ички назорат масалалари киритилган.
Алоҳида сессиялар ислом капитали бозорлари ва ликвидликни бошқариш воситаларига бағишланади. Бундан ташқари, иштирокчилар инсон капиталини ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва ислом молияси соҳасидаги таълим дастурларини кўриб чиқади.
Яна бир муҳим йўналиш ислом молиясига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашдан иборат бўлади.
Жумладан, молиявий саводхонликни ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ташкилотчилар форум тартибга солувчи органлар, халқаро молия ташкилотлари, банклар, инвесторлар, экспертлар, академик ҳамжамият ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ҳамда амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун майдон бўлиб хизмат қилишини кутмоқда.