Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилда Ўзбекистонда реновация дастури доирасида 30 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 2027 йилда эса бу кўрсаткич 35 мингтани ташкил этади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
2040 йилгача кўп квартирали уй-жойлар қурилишида реновация ҳисобига барпо этиладиган хонадонлар улушини босқичма-босқич 60 фоизга етказиш назарда тутилган.
Реновациянинг ҳуқуқий асослари 2026 йил 10 июнда қабул қилинган ЎРҚ-1149-сонли «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган.
Қонун шаҳарларда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгилаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда яшаш учун қулай муҳит яратишга қаратилган.
Қонуннинг асосий йўналишларидан биринчиси — эски турар жой фондини янгилаш. Эскирган ва авария ҳолатидаги уйлар яшаш учун қулай ва хавфсиз, шунингдек, энергия самарадорлиги юқори бўлган биноларга айлантирилиши керак.
Иккинчи йўналиш ер ресурслари билан боғлиқ. Қонунда «юқорига қараб ўсиш» тамойили мустаҳкамланган. Унга кўра, урбанизация жараёнларини ҳисобга олган ҳолда бино ва иншоотларни вертикал йўналишда кенгайтириш назарда тутилган.
Учинчи йўналиш реновация доирасига тушадиган уй-жойларнинг мулкдорлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонунда назарда тутилган механизмлар қаторига шаҳарсозлик реновациясини қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жамғармалар фаолиятини ташкил этиш ҳам киради.
Ҳужжатда, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда реновация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва зарур инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилган.
Бундан ташқари, «Шаҳарсозлик реновацияси» электрон платформасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.