Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ипотека кредитлари қолдиғи 91 триллион сўмга етди. Бу йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 14,9 фоизга кўп. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Ҳисобот даврида аҳолига ажратилган микрокредитлар янада сезиларли ўсиб, 22,3 фоизга кўпайди ва 50 триллион сўмни ташкил этди. Микроқарзлар қолдиғи эса 6,3 фоизга ошиб, 52 триллион сўмга етди.
Тижорат банкларининг умумий кредит портфели йил бошидан буён 9,1 фоизга ўсиб, 659 триллион сўмга етди. Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 12,7 фоизга кўпайиб, 248 триллион сўмни ташкил қилди.
Юридик шахсларга берилган кредитлар 7 фоизга ўсиб, 411 триллион сўмга етди. Демак, аҳолига ажратилаётган кредитлар бизнесга берилган кредитларга нисбатан тезроқ ўсмоқда.
Автокредитлар қолдиғи 4,3 фоизга ошиб, 41 триллион сўмни, таълим кредитлари эса 4,6 фоизга ўсиб, 7 триллион сўмни ташкил этди.
Кредит карталари ва овердрафтлар бўйича қарздорлик 6,5 триллион сўмга етди. Бу 1 январь ҳолатига нисбатан 47,8 фоизга кўп.
Истеъмол кредитлари деярли ўзгармади: уларнинг қолдиғи 0,4 фоизга камайиб, 492 миллиард сўмдан 490 миллиард сўмга тушди.
Юридик шахсларнинг микрокредитлари қолдиғи 23,7 фоизга ўсиб, 18 триллион сўмга етди. Лизинг ва факторинг портфели эса 48,2 фоизга кўпайиб, қарийб 6 триллион сўмни ташкил қилди.
Кредит ташкилотлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларга берилган кредитлар 6,3 фоизга ўсди. Уларнинг қолдиғи 359 777 миллиард сўмдан 382 516 миллиард сўмга етди.
Банклараро кредитлар ҳажми 62,4 фоизга ошиб, 653 миллиард сўмдан 1 060 миллиард сўмга кўтарилди.
Синдикатлаштирилган кредитлар эса, аксинча, 30,9 фоизга қисқарди. Уларнинг қолдиғи 4 768 миллиард сўмдан 3 293 миллиард сўмга камайди.