Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Ҳиндистон парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қонунчилик соҳасида тажриба алмашинувини фаоллаштириш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси, парламентнинг Ҳиндистон билан ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Гулруҳ Агзамова Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант билан учрашди.
Музокаралар давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Ушбу жараёнда давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари, олий даражадаги учрашувлар ва ўзаро ташрифлар муҳим ўрин тутади.
Иштирокчилар парламентлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва ҳамкорлик салоҳиятидан янада тўлиқ фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Гулруҳ Агзамова мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ишонч ва дўстона муносабатлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратишини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида икки мамлакат парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги соҳасида мунтазам тажриба алмашиш, шунингдек, экспертлар иштирокида давра суҳбатлари ва конференциялар ўтказиш белгиланди.
Смита Пант, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги роли ортиб бораётгани, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон томони парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, тегишли тузилмалар ўртасида тажриба алмашиш ва амалий қўшма лойиҳаларни кенгайтиришдан манфаатдор.
Томонлар салоҳиятидан ҳозирча тўлиқ фойдаланилмаётган йўналишларни ҳам муҳокама қилди. Улар қаторига демократик институтлар самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти ташкилотларининг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш ва жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш киради.
Бундан ташқари, аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, таълим, илм-фан, инновациялар, тиббиёт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Учрашув иштирокчилари икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва парламентлараро гуруҳлар фаолиятини аниқ лойиҳалар билан бойитиш муҳимлигини таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар парламент дипломатияси орқали Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни изчил илгари суришга келишиб олди.