Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — OTP Bank ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Венгриянинг OTP Group компанияси томонидан Ipoteka bank’нинг давлатга тегишли қолган қарийб 17,5 фоиз акциялар пакетини сотиб олиш бўйича қўшимча келишувни имзолади. Бу ҳақда OTP Group хабар берди.
Молиявий ҳисоб-китоблар якунланиб, акцияларга бўлган ҳуқуқлар ўтказилганидан сўнг Венгрия гуруҳининг банк капиталидаги улуши 90,4 фоизга етади.
Мазкур келишув 2022 йилда Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштириш дастури доирасида эришилган битимларнинг давоми ҳисобланади. OTP Group ушбу битим компаниянинг Ўзбекистон бозоридаги узоқ муддатли фаолиятини мустаҳкамлашини маълум қилди.
OTP Bank бош директорининг ўринбосари Ласло Вольфнинг таъкидлашича, Ipoteka bank гуруҳнинг узоқ муддатли стратегиясида муҳим ўрин тутади. Унинг сўзларига кўра, қўшимча келишув 2022 йилда қабул қилинган мажбуриятларни бажаришнинг кейинги босқичига ўтиш имконини беради.
«Биз Ўзбекистон банк бозорини ва OTP Group таркибидаги Ipoteka bank’ни янада ривожлантиришга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди Вольф.
Унинг қўшимча қилишича, гуруҳ хизматларни ривожлантириш ва мижозларнинг ўзгариб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун халқаро тажрибасини банкнинг маҳаллий жамоаси салоҳияти билан бирлаштиришни режалаштирмоқда.
2023 йил июнь ойида OTP Bank «Ипотека-банк»даги давлат улушининг 73,71 фоизини 324 миллион долларга сотиб олишни якунлаган эди. Ўшанда банк кейинги уч йил давомида яна 25 фоиз акцияни сотиб олиб, ўз улушини 98 фоизга етказиш режаси борлигини ҳам маълум қилган. Бу ҳақда 2023 йил июнь ойида Spot нашри хабар берган.
2024 йил ёзида OTP Bank миноритар акциядорларга ўзларига тегишли банк акцияларининг 1,3 фоизини сотишни таклиф қилди. Эълон қилинган шартларга кўра, бир дона оддий акция 1,1 сўм, имтиёзли акция эса 3 сўмдан баҳоланган. Бу ҳақда Spot нашри хабар берган.
Ipoteka bank 2023 йил июнь ойида OTP Group таркибига қўшилган. Шундан буён банкда кенг кўламли трансформация жараёнлари амалга оширилди. Жумладан, бэк-офис фаолияти марказлаштирилди. Гуруҳ маълумотларига кўра, бу маъмурий юкламани тахминан 20 фоизга камайтириш имконини берди.
Бир йил давомида банк кредит портфелидаги муаммоли кредитлар улуши 10,2 фоиздан 2,6 фоизгача пасайди. Таққослаш учун, Ўзбекистон банк секторида бу кўрсаткич ўртача 3,2 фоизни ташкил этади.
Банк филиаллари ва алоқа маркази ҳам модернизация қилинди. Алоқа марказида жавобни кутишнинг ўртача вақти тахминан 90 фоизга қисқарди. Мижозлар садоқатини ифодаловчи NPS индекси эса бир йилда 58 фоиздан 74 фоизга кўтарилди.
OTP Group маълумотларига кўра, амалга оширилган ўзгаришлар халқаро миқёсда эътироф этилди. The Banker нашри Ipoteka bank OTP Group’ни Ўзбекистонда «2025 йил банки» деб топди. Шунингдек, Euromoney Awards for Excellence 2026 мукофотида банк Best for Mortgages/Home Loans номинациясида тақдирланди.
Янгиланишлар доирасида банк янги рақамли ечимларни жорий этди ва Private Banking йўналишини ишга туширди.
Ipoteka bank маълум қилишича, жисмоний ва корпоратив мижозларга одатдагидек хизмат кўрсатиш давом эттирилади. Мулкчилик таркибининг ўзгариши амалдаги шартномалар шартларига таъсир қилмайди ва мижозлардан қўшимча ҳаракатларни талаб этмайди.
Қўшимча келишувнинг имзоланиши ва битим бўйича молиявий ҳисоб-китобларнинг якунланиши алоҳида босқичлар ҳисобланади. Давлатга тегишли акциялар пакети зарур шартлар бажарилиб, ҳисоб-китоблар ўтказилгани ва ҳуқуқлар расмийлаштирилганидан сўнг харидорга ўтказилади.