Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва АҚШ икки мамлакат божхона хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тадбирлар дастурини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси хабар берди.
Ҳужжат Қўмита раиси А. Мавлоновнинг АҚШ Божхона ва чегарани ҳимоя қилиш хизмати раҳбари ўринбосарининг халқаро алоқалар бўйича йўналишига масъул Аарон Митчелл бошчилигидаги делегация билан учрашуви якунлари бўйича имзоланди.
Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник, Америка божхона хизмати халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Кимберли Рэмси ҳамда бошқа расмий вакиллар ҳам иштирок этди.
Мавлонов Ўзбекистон раҳбарияти томонидан АҚШ билан стратегик шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу икки мамлакат божхона идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Томонлар юклар тўғрисидаги дастлабки электрон маълумотларни алмашиш, хавфларни бошқариш ҳамда хавф даражаси юқори бўлган юкларни аниқлашга қаратилган FECDEP дастури доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Божхона лабораториялари ва кинология хизматини ривожлантириш, контрабандага қарши курашиш, юкларни мақсадли саралаш ҳамда сунъий интеллект технологияларини қўллаш ҳам алоҳида йўналишлар сифатида кўриб чиқилди. Иштирокчилар божхона ходимларининг малакасини ошириш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
Бундан ташқари, икки мамлакат вакиллари чегарадаги божхона постларини модернизация қилиш ва АҚШ тажрибасидан фойдаланган ҳолда замонавий назорат технологияларини жорий этиш бўйича фикр алмашди.
Ташриф доирасида делегация Марказий божхона лабораторияси, юкларни мақсадли саралаш ва хавфларни мониторинг қилиш бўлинмаси, шунингдек, Божхона расмийлаштируви маркази фаолияти билан танишди.
Учрашув иштирокчилари мутахассислар алмашинуви ва мунтазам равишда қўшма ўқув тадбирларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.
Имзоланган дастур Ўзбекистон ва АҚШ божхона хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тажриба алмашишни назарда тутади.