Иқтисод

Туркиянинг Betek компанияси Тошкент яқинида 30 млн долларлик завод қуради

Туркиянинг Betek компанияси Тошкент яқинида 30 млн долларлик завод қуради
Туркиянинг Betek компанияси Тошкент яқинида 30 млн долларлик завод қуради / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Betek компанияси Тошкент вилояти Зангиота туманида қиймати 30 миллион доллар бўлган лок-бўёқ маҳсулотлари заводини қуради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Паркент туманида тадбиркорлар ва инвесторлар билан ўтказган учрашувда маълум қилди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ҳокимларга истеъмолчилар талабини ва халқаро брендларнинг имкониятларини ўрганиш, шунингдек, тайёр маҳсулотлар импортини қисқартиришга қаратилган янги лойиҳаларни тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

Президент маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қурилиш материаллари импорти йилига 780 миллион долларни ташкил этади. Бунда лок-бўёқ материаллари ва обойлар каби саккиз турдаги тайёр маҳсулотларни харид қилиш ҳажми 280 миллион долларга етган.

Мамлакатда 161 турдаги маҳсулотга бўлган ички талабни қоплаш учун етарли ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. Улар қаторига керамик плитка, базальт қопламаси, қурилиш ойнаси ва газоблоклар киради.

Хусусан, маҳаллий корхоналар ички бозор эҳтиёжидан уч баравар кўп керамик плитка ишлаб чиқариш имкониятига эга. Шунга қарамай, йирик ўлчамли плиткалар импорти йилига 25 миллион долларни ташкил этмоқда.

Мирзиёев импорт заруратини маҳаллий маҳсулотлар сифати ва брендинг билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги билан изоҳлади. У маҳаллий товарларнинг рақобатбардошлигини ошириш соҳанинг асосий вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Сўнгги ўн йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасига 12 миллиард доллар инвестиция киритилди. Бу даврда фаолият юритаётган корхоналар сони 5 мингтадан ошди.

Кутилишича, 2026 йил якунига қадар қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 65 триллион сўмга, экспорт эса 1,5 миллиард долларга етади. Ўн йил аввал бу кўрсаткичлар мос равишда 7 триллион сўм ва 75 миллион долларни ташкил этган.

Президент кенг кўламли қурилиш ишлари ва йирик инвестиция лойиҳалари маҳаллий маҳсулотлар учун катта сотув бозорини яратаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий қурилиш материалларига қўшни давлатларда ҳам талаб юқори.

Келгуси йилларда Ўзбекистон соҳадаги экспорт ҳажмини уч баравардан зиёд ошириб, 5 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.

Ушбу мақсадга эришиш учун юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий девелоперларнинг хорижий тендерларда иштирок этишига кўмаклашиш, шунингдек, қулай ва узлуксиз логистика занжирларини ривожлантириш режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.