Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва АҚШнинг Mayo Clinic клиникаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини, жумладан, тиббиёт муассасаларини бошқариш, биотехнологиялар, геномика ва илмий тадқиқотлар йўналишларини муҳокама қилди.
Учрашув 5 ноябрь куни Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов иштирокида бўлиб ўтди.
Томонлар тиббиёт муассасаларини бошқариш, илмий тадқиқотлар ва ишланмалар (R&D), шунингдек, геномика ҳамда замонавий биотехнологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқди.
Музокаралар якунида тиббиёт муассасаларига танишув ташрифларини ташкил этиш, томонлар вакилларининг тажриба алмашиш мақсадида ўзаро сафарларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма амалий семинарлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Келгусида Mayo Clinic клиникасининг тиббиёт муассасаларини бошқариш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва замонавий биотехнологияларни қўллаш борасидаги тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.