Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтда истеъмолчилар учун ичимлик суви тарифини бир куб метр учун 3 100 сўм этиб белгилаш таклиф қилинди. Тегишли ташаббус халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига кўриб чиқиш учун киритилган. Бу ҳақда 30 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» АЖ вакиллари маълум қилди.
Тадбирда амалдаги тарифларни қайта кўриб чиқиш таклифига сабаб бўлган омилларга аниқлик киритилмади.
Тошкентда тарифлар охирги марта 2023 йилда ўзгартирилган эди. Ўшанда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ аҳоли учун ичимлик суви нархини бир куб метр учун 400 сўмдан 1 400 сўмга оширишни таклиф қилган.
Нархларни ўзгартириш зарурати корхона харажатлари ортиши билан изоҳланган.
2023 йил 24 ноябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши янги тарифларни маъқуллади. Улар шу йилнинг 9 декабридан кучга кирди. Кейинчалик, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, айрим тоифадаги истеъмолчилар учун бир куб метр сув нархи ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 1 568 сўм этиб белгиланди.
Ушбу тариф, жумладан, марказлашган иссиқ сув таъминотига уланмаган хусусий уйлар ва янги қурилган кўп қаватли уйлар аҳолисига нисбатан қўлланилади.
Таққослаш учун, Тошкент вилоятида аҳоли учун тариф аллақачон бир куб метр сув учун 3 100 сўмни ташкил этади. Аввалроқ маҳаллий ҳокимият органлари нарх оширилишини электр энергияси, солиқлар, хорижий кредитларга хизмат кўрсатиш, иш ҳақи, сув таъминоти инфратузилмасини таъмирлаш ва модернизация қилиш харажатлари ортиши билан изоҳлаган эди.
Тарифларни қайта кўриб чиқиш тартиби «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган.
Амалдаги тартибга кўра, сув таъминоти корхоналарининг таклифлари ваколатли органларда кўриб чиқилади. Шундан сўнг якуний қарорни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қабул қилади.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан ичимлик суви ва канализация тарифларини тасдиқлаш ваколатини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказиш режалаштирилмоқда.