Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 2026 йил сентябрь ойида 20,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг сентябрь ойига нисбатан 0,6 фоиз пунктга пасайган.
Тижорат кредитлари бўйича ўртача ставка 1,1 фоиз пунктга тушиб, 22 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Ҳисоб-китобда микрозаймлар ва кредит карталари бўйича ставкалар инобатга олинмаган. Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача ставка 19,8 фоизни ташкил этди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 2,5 фоиз пунктга паст ва август ойидаги даража билан бир хил. Юридик шахсларга берилган кредитлар бўйича ставка эса бир ойда ҳам, бир йилда ҳам 0,5 фоиз пунктга ошиб, 20,8 фоизга етди. Тижорат кредитлари бозорида аҳоли учун ставка 21,6 фоизни (йил давомида 1,9 фоиз пунктга пасайиш), бизнес учун эса 22,3 фоизни (0,6 фоиз пунктга пасайиш) ташкил қилди.
Миллий валютадаги кредитлар бўйича реал фоиз ставкалари, яъни номинал ставкалардан инфляция кутилмалари айириб ташланганидан кейинги кўрсаткичлар ошди. Жисмоний шахслар учун бу кўрсаткич августдаги 9,1 фоиздан 10,2 фоизга, юридик шахслар учун эса 9,7 фоиздан 10,6 фоизга кўтарилди.
Тижорат кредитлари бўйича реал ставкалар мос равишда 11,9 ва 12 фоизни ташкил этди. Сентябрь ойида аҳолининг инфляция кутилмалари 8,7 фоизга, бизнесники эса 9,2 фоизгача пасайди. Йил давомида улар мос равишда 3,3 ва 2,5 фоиз пунктга камайган.
Имтиёзли кредитлар бўйича ўртача ставка 10,8 фоизни ташкил этди. Бу август ойидаги кўрсаткичдан 1,5 фоиз пунктга юқори, ўтган йилги даражадан эса 1,2 фоиз пунктга паст. Имтиёзли кредитлар бўйича реал ставкалар ижобий ҳудудга ўтди: жисмоний шахслар учун 1,9 фоиз, юридик шахслар учун 1,5 фоиз. Август ойида бу кўрсаткичлар мос равишда минус 0,1 ва минус 0,5 фоизни ташкил этган эди.
Хорижий валютадаги кредитлар бўйича ставка бир йилда 0,4 фоиз пунктга ошиб, 10,5 фоизга етди, бир ой ичида эса 0,3 фоиз пунктга пасайди. Бир йилгача бўлган муддатли кредитлар бўйича ставка 9,4 фоизни, бир йилдан ортиқ муддатга берилган кредитлар бўйича эса 11,1 фоизни ташкил қилди.
Марказий банк, шунингдек, 2026 йил 2 ноябрь ҳолатига кўра, охирги 10 иш куни давомида айрим банкларда қайд этилган ўртача фоиз ставкаларини ҳам эълон қилди.
Микрозаймлар бўйича ўртача ставка 27,6 фоизни ташкил этди. Банклар кесимида бу кўрсаткич «Микрокредитбанк»даги 22 фоиздан TBC Bank'даги 40,4 фоизгача фарқ қилди. Автокредитлар ўртача 21,8 фоиз ставкада ажратилган. Бу борада энг паст ставка «Ипотека-банк»да 18 фоиз, энг юқори кўрсаткич эса Anor Bank'да 29,2 фоиз бўлган.
Ипотека кредитлари бўйича ўртача ставка 21,7 фоизни ташкил этди. OFB'да бу кўрсаткич 20,5 фоиз, Asia Alliance Bank'да эса 26 фоизга тенг бўлган. Регулятор аниқлик киритишича, ипотека статистикасига банкларнинг ўз маблағлари ва Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан иккиламчи бозордаги уй-жойларни сотиб олиш учун ажратилган кредитлар ҳам киритилган.
Юридик шахсларга асосий воситаларни сотиб олиш учун ажратилган кредитлар ўртача 22,8 фоиз ставкада берилган. Банклар кесимида бу кўрсаткич Infinbank'даги 20 фоиздан Tenge Bank ва Garant Bank'даги 26 фоизгача бўлган.
Айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилган кредитлар бўйича ҳам ўртача ставка 22,8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич «Ипотека-банк»даги 20,1 фоиздан Tayanch Bank'даги 33 фоизгача фарқ қилган. Микрозаймлар ва кредит карталарини ҳисобга олмаган ҳолда, жисмоний шахсларга берилган кредитлар бўйича ўртача ставка 22,4 фоизни, юридик шахслар учун эса 22,5 фоизни ташкил этди.
Марказий банк маълумотларига кўра, банклардаги амалдаги кредит ставкалари ўртача кўрсаткичлардан фарқ қилиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, банклар рақамли платформалар, ҳамкорлик дастурлари ва автомобиль ишлаб чиқарувчилар билан тузилган келишувлар доирасида микрозаймлар ҳамда автокредитларни имтиёзли шартларда таклиф қилмоқда.
Бизнес учун ажратиладиган кредитлар бўйича якуний фоиз ставкаси ҳар бир мижоз учун алоҳида белгиланади. У лойиҳани амалга ошириш муддати, гаровнинг ликвидлиги, банкнинг ички кредит сиёсати ва бозор конъюнктурасига боғлиқ.