Иқтисод

Uzbekistan Airways олтинчи Airbus A321neo самолётини қабул қилди

Uzbekistan Airways олтинчи Airbus A321neo самолётини қабул қилди
Uzbekistan Airways олтинчи Airbus A321neo самолётини қабул қилди / Фото: Uzbekistan Airways.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzbekistan Airways авиакомпанияси парки олтинчи Airbus A321neo самолёти билан тўлдирилди. UK32106 рўйхатдан ўтказиш рақамига эга янги самолёт ҳақида авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Янги лайнер Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига совға бўлди. Самолёт Airbus компаниясининг Airspace Premium салони билан жиҳозланган бўлиб, унда ҳажми катталаштирилган XL Bin багаж жавонлари, замонавий ёритиш тизими ва янгиланган дизайн кўзда тутилган.

Бизнес-классда тўлиқ горизонтал ҳолатга келтириладиган Vantage ўриндиқлари ўрнатилган. Улар Full Flat Bed ҳолатигача ёйилади. Шунингдек, ўриндиқлар индивидуал бошқарув тизимлари ва шахсий буюмларни сақлаш учун қўшимча жой билан таъминланган.

Эконом-классда Collins Aerospace компанияси томонидан ишлаб чиқарилган эргономик Meridian ўриндиқлари ўрнатилган.

Йўловчиларнинг кўнгилочар вақт ўтказиши учун самолёт Rave Ultra мультимедиа тизими билан жиҳозланган. У бизнес-классда диагонали 17,3 дюйм, эконом-классда эса 13,3 дюйм бўлган шахсий экранларни ўз ичига олади. Йўловчилар фильмлар, мусиқа, ўйинлар ва интерактив парвоз харитасидан фойдаланишлари мумкин.

Ҳар бир йўловчи ўрни USB Type-A ва Type-C улагичлари билан жиҳозланган. Бундан ташқари, самолёт бортига парвоз вақтида интернетдан фойдаланиш имконини берувчи янги ускуналар ўрнатилган.

Самолёт жами 172 нафар йўловчига мўлжалланган: бизнес-классда 16 та, эконом-классда эса 156 та ўрин мавжуд.

Авиакомпания, шунингдек, лайнерни яратиш жараёни ва янгиланган салоннинг дастлабки кадрлари акс этган видеоматериалларни тақдим этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.