Иқтисод

Ўзбекистон АҚШда ўз маҳсулотлари шоурумини очди

Ўзбекистон АҚШда ўз маҳсулотлари шоурумини очди
Ўзбекистон АҚШда ўз маҳсулотлари шоурумини очди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 октябрдан 3 ноябрга қадар ўзбекистонлик тадбиркорлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотларни Америка бозорида илгари суриш мақсадида АҚШда бизнес-миссия ўтказди.

Сафар Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида Business Diplomat ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Нью-Йорк шаҳрида делегация UZBEX электрон платформасини тақдим этди.

Вашингтонда эса DFC, White & Case юридик фирмаси ва CLDP дастури вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Томонлар экспортни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Калифорнияда бизнес-миссия иштирокчилари Amazon логистика инфратузилмаси билан танишди.

Сафарнинг асосий натижаларидан бири АҚШ бозорида ўзбек маҳсулотларини илгари суришга мўлжалланган шоурум ва логистика омборининг очилиши бўлди.

Ташкилотчилар эришилган натижалар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини кутмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.