Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Олий даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон — Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Туркия саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фотиҳ Качир иштирок этди.
Форумда тегишли идоралар вакиллари, Ўзбекистоннинг 200 дан ортиқ компанияси раҳбарлари ҳамда Туркия бизнес доираларининг 180 дан зиёд вакили жам бўлди.
Иштирокчилар орасида OYAK, Anadolu Group, Çalık Holding, Aksa Energy, Cengiz Enerji, Tekfen Holding ва Trendyol компанияларининг раҳбарлари ҳамда вакиллари бор эди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзулари савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва саноат кооперациясини ривожлантиришдан иборат бўлди. Иштирокчилар энергетика, транспорт, тоғ-кон саноати, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Рақамли иқтисодиёт ва молиявий технологияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Форум якунлари бўйича саноат, фармацевтика, қурилиш, рақамли иқтисодиёт ва молиявий технологиялар соҳаларини қамраб олган ўнта икки томонлама ҳужжат алмашилди.
Дастур доирасида B2B ва G2B форматларида музокаралар ҳам ўтказилди. Уларда инвестиция ташаббуслари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда технологик шериклик истиқболлари муҳокама қилинди.