Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрини Тошкент вилояти билан боғловчи 18 та автобус йўналишида 1–15 ноябрь кунлари чиптасиз юриш билан боғлиқ 5 601 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.
Кучайтирилган назорат тадбирлари Тошкент шаҳри йўловчи ташиш транспортини мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси назоратчилари томонидан ўтказилди.
Тадбирлар йўл ҳақини тўлаш интизомини ошириш, чиптасиз юриш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда йўловчиларнинг қонунчилик талабларига риоя этишини таъминлашга қаратилган.
Текширувлар давомида йўловчиларга автобусга чиқиш вақтида йўл ҳақини тўлаш зарурлиги тушунтирилди. Назоратчилар уларга транспорт ва банк карталаридан, нақд пулсиз тўловнинг бошқа усулларидан фойдаланиш тартиби ҳамда чиптасиз юришнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳам маълумот бердилар.
Рейдлар якунларига кўра, йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан 5 601 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Қоидабузарликларнинг энг кўпи қуйидаги йўналишларда қайд этилди:
8Т-йўналишда — 593 та ҳолат.
145-йўналишда — 585 та ҳолат.
194-йўналишда — 531 та ҳолат.
65-йўналишда — 517 та ҳолат.
74-йўналишда — 417 та ҳолат.
Транспорт вазирлиги эслатишича, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ялпи шартномалар асосида фаолият юритувчи мунтазам шаҳар автобус йўналишларида йўловчилар йўл ҳақини автобусга чиқиш вақтида тўлашлари шарт.
Чиптасиз юриш қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.