Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Швеция, Норвегия ва Дания иш берувчиларига ўз фуқароларини хорижда касбий тайёрлаш ва уюшган ҳолда ишга жойлаштириш имкониятларини тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Форум Швецияда бўлиб ўтди. Унинг ташкилотчилари сифатида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси ва Миграция агентлиги иштирок этди.
Тадбирда Шимолий Европанинг учта мамлакатидаги иш берувчилар уюшмалари ва касб-ҳунар таълими муассасалари вакиллари, шунингдек, Швецияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари қатнашди.
Иштирокчиларга Ўзбекистондаги касбий ва тил тайёргарлиги тизими ҳақида маълумот берилди. Таълим дастурларини хорижий иш берувчилар талабларига мослаштириш ҳамда ўзбекистонликларни чет элда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тақдим этилган имкониятлар иш берувчиларда қизиқиш уйғотди. Учрашув якунида томонлар Швеция иш берувчилари уюшмалари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ҳам шундай форум ўтказишга келишиб олди.
Тадбир доирасида Швецияда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан ҳам учрашув ташкил этилди.
Улар ўз таклифларини билдириб, дуч келаётган муаммолари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, учрашув иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этиш учун тўплаган билим ва касбий тажрибаларини ишга солишга тайёр эканликларини билдирди.