Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида суғурта мукофотлари ҳажми 12,5 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 9,8 трлн сўмлик кўрсаткичдан 27,3 фоизга кўп. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) хабар берди.
Ҳисобот даврида суғурта тўловлари 68,3 фоизга ўсиб, 1 912,3 млрд сўмдан 3 219,6 млрд сўмга етди.
Умумий суғурта соҳасида 3 057,7 млрд сўм, ҳаёт суғуртаси соҳасида эса 161,9 млрд сўм тўлов амалга оширилди. Суғурта тўловларининг суғурта мукофотларига нисбати 25,8 фоизни ташкил этди.
Суғурта ташкилотларининг устав капитали 23,1 фоизга ошиб, 3,6 трлн сўмдан 4,5 трлн сўмга етди. Тузилган шартномалар сони эса 6,7 фоизга кўпайиб, 9,0 млн тадан 9,6 млн тага етди.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғурта мукофотлари 315,3 минг сўмни ташкил қилди. ИЛМАда бозорнинг асосий кўрсаткичларида ижобий ўсиш суръати кузатилаётгани қайд этилди.
Айни пайтда бозорда лицензияга эга 36 та суғурта ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг 28 таси умумий суғурта, еттитаси ҳаёт суғуртаси соҳасида ишлайди, битта ташкилот эса фақат қайта суғурталаш билан шуғулланади. Улар 150 дан ортиқ турдаги суғурта маҳсулотларини таклиф этмоқда.