Молия

ЕТТБ Auto Rubber компаниясига ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 10 млн долларгача кредит ажратади

ЕТТБ Auto Rubber компаниясига ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 10 млн долларгача кредит ажратади
ЕТТБ Auto Rubber компаниясига ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 10 млн долларгача кредит ажратади / Фото: ЕТТБ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) автомобиль учун резина компонентлар ишлаб чиқарувчи ўзбекистонлик Auto Rubber компаниясига ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 10 млн долларгача кредит ажратади.

Компания автомобиллар учун резина зичлагич тизимлари ва техник мақсадларда қўлланиладиган бошқа резина буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Банк маблағлари корхонани ривожлантириш дастурини амалга оширишга, жумладан, ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун янги ускуналар ўрнатиш ва резина аралашмалари ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишга йўналтирилади.

Лойиҳани амалга ошириш Auto Rubber компаниясига ишлаб чиқариладиган автомобиль компонентлари турларини кўпайтириш ва ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаш имконини беради.

Молиялаштиришдан ташқари, ЕТТБ компанияга корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва гендер тенглигини илгари суришда ҳам кўмаклашади. Жумладан, корхона ушбу йўналишларга оид ички ҳужжатлар ва қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишни режалаштирмоқда.

Лойиҳа Япония ва ЕТТБ ҳамкорлик жамғармаси маблағлари ҳисобидан грант ёрдами ҳам олади.

Банк маълумотларига кўра, унинг Ўзбекистонга киритган инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 7,3 млрд долларга етган. Маблағлар 219 та лойиҳани амалга оширишга йўналтирилган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.