Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг жами активлари 1 044,8 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга кўпдир.
Кредит қўйилмалари 13 фоизга ошиб, 659,1 трлн сўмга етди. Банкларнинг жами капитали эса 17 фоизга ўсиб, 152,9 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Энг юқори ўсиш депозитларда кузатилди. Бир йил давомида уларнинг ҳажми 129,6 трлн сўмга ёки 35 фоизга ошиб, 501 трлн сўмга етди. Марказий банк баҳосига кўра, бундай динамика банк тизимида кредит қўйилмалари ва жалб қилинган депозитлар ҳажми кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Бир йил давомида банк тизимининг асосий кўрсаткичларида хорижий валюта улуши камайди. Банк активларида унинг улуши 38 фоиздан 34 фоизга, кредит қўйилмаларида 39 фоиздан 38 фоизга, депозитларда эса 23 фоиздан 19 фоизга тушди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу банклар активлари, кредитлари ва депозитларида миллий валюта улуши ортиб бораётганини англатади.
Абсолют қийматларда банкларнинг валютадаги активлари 332,9 трлн сўмдан 352,7 трлн сўмга ошди. Бироқ уларнинг ўсиш суръати умумий активлар ўсишидан паст бўлди. Хорижий валютадаги кредитлар ҳажми 228,7 трлн сўмдан 252,3 трлн сўмга, валюта депозитлари эса 83,7 трлн сўмдан 93,1 трлн сўмга кўтарилди.
Бир йил аввал, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, банк тизими активлари 866,8 трлн сўмни, кредит қўйилмалари 582,2 трлн сўмни, депозитлар 371,5 трлн сўмни, капитал эса 130,4 трлн сўмни ташкил этган.