Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан таҳлил қилинган микрозайм шартномаларидан бирида қарз миқдори 19 млн 656 минг сўмни ташкил этган.
Қарз олувчининг банк картасига эса атиги 13 млн 650 минг сўм келиб тушган. Қолган 6 млн 6 минг сўм кредит ажратилаётганда оператор хизмати учун тўлов сифатида автоматик равишда ушлаб қолинган.
Шу билан бирга, қарзни қайтариш мажбурияти шартномада кўрсатилган тўлиқ сумма бўйича юзага келади. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунда микрозаймни мобил илова орқали бир неча дақиқа ичида расмийлаштириш мумкин. Бироқ айнан шу қулайлик кўпинча истеъмолчилар шартнома шартларини ўрганмасдан туриб, молиявий мажбуриятларни зиммасига олишига сабаб бўлмоқда.
Келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, қарз олувчилар кўпинча шартномани тўлиқ ўқимайди, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарлича билмайди ҳамда тўловни кечиктириш оқибатларини олдиндан баҳоламайди. Натижада улар кутилмаган молиявий мажбуриятларга дуч келади.
Сўнгги вақтларда тўловлар кечиктирилгани сабабли қарзнинг қолган қисмини муддатидан олдин тўлиқ қайтариш талаблари билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бормоқда.
Фуқаролик кодексининг 736-моддасига мувофиқ, агар қарз қисмларга бўлиб қайтарилиши белгиланган бўлса ва қарз олувчи навбатдаги тўлов муддатини бузса, кредитор қарзнинг қолган суммасини муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Демак, ҳатто битта тўловнинг кечиктирилиши ҳам бутун қарзни тўлиқ сўндириш талабига олиб келиши мумкин.
Қўмита микрозайм расмийлаштиришдан олдин қарз олувчи амалда қанча маблағ олишини ва жами қанча пул қайтариши кераклигини аниқлаб олишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, ойлик тўловлар миқдори ва муддатларини, тўлов кечиктирилган тақдирда юзага келадиган оқибатларни, жумладан, қарзнинг қолган қисмини муддатидан олдин қайтариш талаби қўйилиши мумкинлигини аниқлаш муҳим.
Қўмита қарз олишдан олдин уни ўз вақтида қайтариш имкониятини ҳам холисона баҳолашни тавсия этади.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган тақдирда, 1159 ишонч телефони орқали қўмитага мурожаат қилиш мумкин.