Молия

Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда ишлай бошлади

Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда ишлай бошлади
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда ишлай бошлади / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay контактсиз тўлов хизматлари ишлай бошлади. iPhone ва Android смартфонлари фойдаланувчилари банк карталарини электрон ҳамёнларга улаб, харидлар учун смартфон ёки мос келувчи ақлли соатлар орқали тўловни амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Дастлабки босқичда Apple Pay хизмати саккизта банк ва молиявий ташкилот карталарини қўллаб-қувватлайди. Фойдаланувчилар қуйидаги эмитентларнинг карталарини улашлари мумкин:

Uzum — Visa; Orient Finans Bank — Visa ва Mastercard; Ўзбекистон Миллий банки — Visa ва Mastercard; Kapitalbank — Visa ва Mastercard; Hamkorbank — Visa; Ipak Yuli Bank — Visa ва Mastercard; TBC Bank — Visa ва Mastercard; Octobank — Visa ва Mastercard.

Android фойдаланувчилари ҳам банк карталарини Google Wallet электрон ҳамёнига қўшишлари мумкин. Агар банкнинг мобил иловасида бундай функция мавжуд бўлса, картани шу илова орқали ёки бевосита электрон ҳамён ёрдамида улаш мумкин.

Apple Pay’ни созлаш учун Apple Wallet иловасини очиш, банк картасини қўшишни танлаш, карта маълумотларини киритиш ва тасдиқлаш жараёнидан ўтиш керак. Android қурилмаларида ҳам шунга ўхшаш амаллар Google Wallet иловасида бажарилади. Банкка қараб, тасдиқлаш SMS-хабар ёки мобил илова орқали амалга оширилиши мумкин.

Карта уланганидан сўнг, контактсиз тўловларни қўллаб-қувватлайдиган POS-терминалга смартфон ёки мос келувчи ақлли соатни яқинлаштириш орқали харидлар учун тўлов қилиш мумкин. Android қурилмасида Google Wallet’дан фойдаланиш учун NFC технологияси қўллаб-қувватланиши талаб этилади.

Картани улаш имконияти банк, тўлов тизими ва карта турига боғлиқ. Техник интеграция ишлари давомида қўллаб-қувватланадиган банклар ва карталар рўйхати кенгайиши кутилмоқда.

Google Cloud вакили Марцин Красуски Google Pay хизмати Ўзбекистонда ишга туширилишини 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган рақамли технологиялар тадбирида маълум қилган эди. Тадбир Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги C5+1 форматидаги учрашувлар доирасида ташкил этилган.

22 октябрь куни Ўзбекистон Туризм қўмитаси Google Pay хизмати ишга туширилганини расман эълон қилди ва Apple Pay яқин вақт ичида пайдо бўлишини маълум қилди. Қўмита таъкидлашича, ушбу хизматларни жорий этиш, хусусан, хорижий сайёҳлар учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларни соддалаштиради. Улар мамлакатда бўлган вақтларида ўзлари одатланган тўлов усулларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.