Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Грузия фуқароларни миграция қонунчилиги, мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидалари ҳақида хабардор қилиш бўйича қўшма медиа-режа ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
12 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Грузия элчиси Давид Котария билан учрашди. Томонлар консуллик-ҳуқуқий ва миграция соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Грузияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлди. Шунингдек, консуллик-ҳуқуқий ёрдам механизмларини такомиллаштириш ҳамда икки мамлакат ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлиги масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар фуқароларни миграция қонунчилиги талаблари, мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидалари ҳақида хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратди. Ноқонуний миграциянинг олдини олиш чоралари ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида қўшма медиа-режа тайёрлаш бўйича келишувга эришилди. У фуқаролар ўртасида мунтазам ахборот ва тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган.
Томонлар икки томонлама консуллик маслаҳатлашувлари доирасида амалий ҳамкорликни ва конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.