Молия

NexaGrid ва Parlak Nesil дата-марказлар бўйича меморандум имзолади

NexaGrid ва Parlak Nesil дата-марказлар бўйича меморандум имзолади
NexaGrid ва Parlak Nesil дата-марказлар бўйича меморандум имзолади / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг NexaGrid компанияси ва Туркманистоннинг Parlak Nesil хўжалик жамияти мамлакатда маълумотларни қайта ишлаш марказлари (дата-марказлар) ҳамда криптоактивлар майнинги учун майдончаларни биргаликда ташкил этишни режалаштирмоқда.

Томонлар ҳамкорлик меморандумини Бухорода имзолади. Пресс-релиз эса 16 ноябрь куни Тошкентда эълон қилинди. Бу ҳақда NexaGrid компанияси хабар берди.

Меморандум қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган. Гап маълумотларни қайта ишлаш марказлари (Data Center), шунингдек, криптовалюта майнинги марказларини ташкил этиш ва ривожлантириш ҳақида бормоқда.

Ҳамкорлар ўртасида вазифалар тақсимланган. NexaGrid қўшма лойиҳалар учун майдонлар ва инфратузилма тақдим этишда ёрдам беришни ҳамда объектларни фойдаланишга топшириш жараёнини ташкил этишда иштирок этишни режалаштирмоқда. Parlak Nesil эса дастурий таъминот билан шуғулланади: уни ишлаб чиқади ва объектларда технологик тизимларни жорий этади.

Аввалроқ, ноябрь ойида NexaGrid раҳбарияти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида ўтказган маросимда иштирок этган эди. Унда янги объектлар фойдаланишга топширилиб, ҳудуддаги инвестиция лойиҳалари қурилишига старт берилган.

NexaGrid график процессорлар (GPU) ҳисоблаш қувватлари маркетплейсини ҳамда ускуналарни жойлаштириш мумкин бўлган платформани ривожлантирмоқда. Платформа ҳисоблаш жараёнларининг углерод изини ҳисобга олади. У Ўзбекистондаги инфратузилма асосида фаолият юритади, бунда қуёш энергиясидан фойдаланишга устувор аҳамият берилади.

NexaGrid маълумотларига кўра, компания Ўзбекистонда криптоактивлар майнинги учун рухсатнома олган биринчи компания бўлган. 2026 йил 19 январь куни унга Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) томонидан 001-сонли рухсатнома берилган.

Parlak Nesil — Туркманистоннинг хусусий технологик компанияси. У дастурий таъминот ишлаб чиқиш, рақамли тизимларни жорий этиш ва IT-инфратузилма соҳасида хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.