Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — HotelPro HUB Central Asia 2026 халқаро форуми 24 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Унда минтақадаги меҳмонхона бизнеси вакиллари, инвесторлар ҳамда девелоперлар жамланади.
Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси кўмагида Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида ўтказилади. Ташкилотчилар форумда 500 нафардан ортиқ делегат ва 40 дан зиёд компания вакиллари иштирок этишини кутмоқда.
Форумда меҳмонхона эгалари ва бошқарувчилари, меҳмонхона операторлари, технологик компаниялар, ечимлар етказиб берувчилар, маслаҳатчилар ҳамда давлат тузилмалари вакиллари қатнашади.
Асосий эътибор меҳмонхона лойиҳалари иқтисодиётига, жумладан, инвестициялар, девелопмент, бошқарув, технологияларни жорий этиш, тижорий самарадорлик ва меҳмонхона активлари қийматига қаратилади.
Форумнинг ишбилармонлик дастуридан меҳмонхона секторига инвестицияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида туризмни ривожлантириш ва халқаро меҳмонхона брендлари иқтисодиётига оид масалалар ўрин олади.
Иштирокчилар, шунингдек, сунъий интеллект ва автоматлаштириш технологияларини қўллаш, Форс кўрфази мамлакатларидан капитал жалб қилиш, меҳмонхона резиденциялари, меҳмонхона активларининг қиймати ва ликвидлигини муҳокама қилади.
Алоҳида муҳокамалар туристик ҳудудларни ривожлантириш, операцион моделларни танлаш, меҳмонхоналарни лойиҳалаштириш ва 2030 йилгача Марказий Осиё бозорининг истиқболларига бағишланади.
HotelPro HUB аввалги форуми 2025 йил 29 октябрда Тошкентда ўтказилган. Ташкилотчилар маълумотига кўра, унда 777 нафар рўйхатдан ўтган иштирокчи ва 100 дан ортиқ меҳмонхона вакиллари қатнашган.
Тадбир доирасида 675 та B2B учрашув ўтказилган, тузилган шартномаларнинг умумий қиймати эса 2,5 миллиард сўмни ташкил этган.
2026 йилда форум минтақавий форматга ўтказилиб, HotelPro HUB Central Asia деб номланди. Ташкилотчилар бир кун давомида қарийб 1 000 та B2B учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.
Ишбилармонлик музокаралари асосий дастур билан бир вақтда ўтказилади. Шунингдек, профессионал нетворкинг, Startup Showcase ва меҳмонхона бизнеси учун ечимлар тақдим этиладиган кўргазма майдони ташкил этилиши режалаштирилган.
Форумнинг стратегик ҳамкори меҳмонхоналарни бошқариш ва консалтингга ихтисослашган, 30 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга Cronwell Hospitality Group ҳисобланади. Exely компанияси эса форумнинг технологик ҳамкори сифатида иштирок этади. У меҳмонхона бизнеси учун технологик ечимлар ишлаб чиқади.