Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитой тиббий буюмларни тартибга солиш, жумладан, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, экспертизадан ўтказиш, шунингдек, сифати ва хавфсизлигини баҳолаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасида бўлиб ўтди. Унда марказ мутахассислари, муассаса директорининг биринчи ўринбосари Нозим Бердиев бошчилигидаги вакиллар, Хитой тиббиёт саноати ассоциацияси (CAMDI) ҳамда Хитойнинг ишлаб чиқарувчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Учрашув иштирокчиларига Ўзбекистонда тиббий буюмлар муомаласини тартибга солувчи қонунчилик талаблари тақдим этилди.
Тиббий буюмларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари, тартибга солиш экспертизаси ҳамда маҳсулотларнинг белгиланган сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар тиббий буюмлар соҳасида замонавий технологияларни ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Муҳокама қилинган масалалар қаторида халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда Ўзбекистон ва Хитойнинг ихтисослашган ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам бўлди.
Хитой тиббиёт саноати ассоциацияси 1991 йилда ташкил этилган. У тиббий буюмларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, синовдан ўтказиш ва сертификатлаш, шунингдек, соҳавий таълим йўналишларида фаолият юритувчи қарийб 4 минг иштирокчини бирлаштиради.
CAMDI Хитойда тиббий буюмлар саноатини ривожлантириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу соҳада халқаро алоқаларни кенгайтиришда иштирок этади.