Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг уч нафар вакили Корея Республикасида электрон давлат харидларини ташкил этиш масалалари бўйича малака оширмоқда.
10 кундан ортиқ давом этадиган ўқув дастури 11–24 октябрь кунлари Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Тэджон университети томонидан ташкил этилган. Дастур Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган давлат харидлари соҳаси мутахассисларининг малакасини оширишга қаратилган.
Иштирокчилар Кореянинг давлат харидлари тизими ва ушбу соҳага рақамли воситаларни жорий этиш тажрибасини ўрганмоқда. Жумладан, дастур доирасида Корея Республикаси Давлат харидлари хизмати (PPS) фаолияти, харид жараёнларини ташкил этиш тамойиллари ва уларни тартибга солиш механизмлари билан танишиш назарда тутилган.
Кореянинг давлат харидлари бўйича ягона электрон платформаси — KONEPS тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутахассислар унинг техник имкониятлари ва амалиётда қўлланилишини кўриб чиқмоқда, шунингдек, электрон савдоларни ташкил этиш ва харид жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ёндашувларини ўрганмоқда.
Дастурдан давлат харидларида сунъий интеллект ва катта маълумотлар (Big Data) технологияларидан фойдаланиш масалалари ҳам ўрин олган. Иштирокчилар харид жараёнлари самарадорлигини ошириш, рақобатни ривожлантириш ва коррупция хавфларини камайтириш механизмлари билан танишмоқда.
Бундан ташқари, ўқув дастури электрон давлат харидлари инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятларини ҳам қамраб олган.
Кутилишича, олинган билимлар мамлакатда давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш, рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, харид жараёнларининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Дастур, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.